Бугунги кунда мустақил Ўзбекистон эпиграфик ёдгорликларнинг миқдори ва ноёблиги бўйича Марказий Осиёда шубҳасиз етакчи мамлакат саналади, бу ёдгорликлардаги битикларнинг аксарияти илгари ўрганилмаган эди. Ижодий гуруҳ ушбу ноёб ёзма ёдгорликларни қайд этиб, синчиклаб ўрганиб, тадқиқотларининг илк натижаларини «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» кўп жилдли нашрида жамламоқда. Ҳозирга қадар кўҳна ўзбек заминида жойлашган тарихий обидалардаги битиклар тўлиқ ўқиб-ўрганилмаган эди. Қадимий битикларни тадқиқ этиш, уларни ўқиш ва маъноларини аниқлаштириш ишлари учун ёдгорликларнинг тарихдаги муносиб ўрнини тиклаган давлат мустақиллиги туфайлигина илк марта кенг имкониятлар яратилди.
Ушбу албомлар туркуми Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, илмий ўрганиш ва оммалаштиришни давлат сиёсати даражасига кўтарган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг қатор ташаббусларига тўлиқ мос келади. Шундай экан, мазкур албом Президентимизнинг «Янги Ўзбекистон, янги истиқболлар» сиёсатининг бир бўлаги бўлиб, унда Ўзбекистон халқларининг маданий меросини мақсадли ўрганиш ва асраб-авайлаш мавзуси алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ичида Бухоро меъморий ёдгорликлари (масжидлар, мадрасалар, табаррук инсонлар қабрлари, қадимий сув омборлари), шунингдек, эпиграфик ёдгорликларининг кўплиги билан ажралиб туради. Вилоятда мингга яқин меъморий ёдгорлик давлат муҳофазасига олинган. Ушбу албом ўқувчиларни Бухоронинг меъморий ва эпиграфик мероси билан таништиришда давом этади. Унга Бухородаги ва қадимий шаҳар атрофидаги энг муҳим ёдгорликлар киритилган. Ёдгорликларни тавсифлаш ва улардаги ёзувларни ўқиш учун ХИХ аср охири ва ХХ аср бошларидаги эски фотосуратлар, шунингдек, ёдгорликлардан нусха кўчирилган музей экспонатларидан фойдаланилган. Умид қиламизки, ушбу нашр кўплаб ўқувчилар учун қизиқарли ва фойдали бўлади.