«Рабғузий қиссалари» маъносини англатувчи «Қисаси Рабғузий» асари олам ва одамларнинг яратилиши, инсоннинг комиллик сари машаққатли ва узоқ йўл босиб бораётганлиги ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу асар мусулмон динини қабул қилган эътиборли мўғул бекларидан бири Носируддин Тўқбуғанинг илтимосига кўра, ҳижрий 709 (милодий 1310)-йилда ёзилган. Туркий насрнинг энг қадимий намуналаридан бири ҳисобланган ушбу асарда XIII аср охири - ХIV аср бошларидаги туркий адабиётнинг бир қатор ўзига хос хусусиятлари жуда ёрқин намоён бўлган.
Асосан пайғамбарлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи бу асарнинг ўзига хос яратилиш тарихи бор. Мусулмон Шарқида бу мазуда «Қисас ул-анбиё» («Пайғамбарлар қиссаси») номи билан машҳур кўплаб асарлар яратилган. Лекин асарда ёзилишича, уларнинг «баъзиси тўғри, баъзиси ихтилофли. Шунинг учун ҳам бек Тўқбўға адибдан «ўқимогға кераклик, ўрганмакка яроғлиқ» пайғамбарлар қиссаларидан иборат асар ёзиб беришини сўраган эди. Мазкур вазифани улкан салоҳият, катта маҳорат билан уддалаган адибнинг асари «Қисаси Рабғузий» ёки «Қисас ул анбиёйи туркий» номи билан шуҳрат топди ва асрлар оша ўқиб келинмоқда.