«Устоди аввал» 1328-ҳижрий (1909-милодий) йилда тошкентлик Мулла Саййид Расулхўжа домла Саййид Азизхўжа Махдум муфтий ўғли томонидан таълиф этилган ва тошбосма йўли билан нашр этилган эди. Китобча сабоқларнинг изчил бир тартибда баён қилинганлиги, қоидага мос мисолларнинг мўллиги, соддадан мураккабга томон йўналиши, жумлалар ва ҳикоятларнинг катта таълимий аҳамиятга эга эканлиги жиҳатдан бошга алифболардан ажралиб туради. Бироқ орадан бир аср вақт ўтиб, китобчанинг мазмуни табиий бир тарзда эскириб қолган. Ўқувчини ўтмиш ҳаёти ва таълим тартиботи билан яқиндан таништириш мақсадини назарда тутиб биз тушириб қолдириш лозим бўлган сўз, жумла ёки ҳикоятларнинг жуда оз қисминигина тушириб қолдирдик. Китобга жиддийроқ ўзгариш киритишга журъат қилмадик.