Қашшоқликдан қутулиш мумкин. Савол эса — “қандай қилиб?”
Қандай қилиб мамлакатлар фаровонликка эришиши мумкин? Фаровонликнинг асл калити нимада? Кўплар бу саволларга турли жавобларни таклиф қилса-да, дунёдаги энг таниқли университет - Ҳарвард профессори Клейтон Кристенсен бошчилигидаги тадқиқотчилар "Фаровонлик парадокси" китобида бошқалардан фарқ қиладиган, лекин далилларга асосланган амалий ечимларни тақдим этишган.

Китобда муаллифлар нафақат АҚШ ёки Европа мамлакатлари, балки Мексика, Япония, Жанубий Корея ва ҳатто Нигерия каби турли давлатлар мисолида инновациялар қандай қилиб миллионлаб инсонларнинг турмуш тарзини ўзгартирганини очиб беради. Улар реал ҳаётий мисоллар орқали кўрсатади: нима учун баъзи мамлакатлар тез ривожланади ва бу ривожланишга нима сабаб бўлади?

Китоб сизни нафақат иқтисодиёт ва инновациялар билан таништиради, балки кенгроқ саволларни қўяди: нимага аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кўплаб қарорлар муваффақиятсизликка учрайди? Бу саволлар, Кристенсеннинг илмий тадқиқотлари билан бирга, глобал ривожланишнинг замонавий муаммоларини янада тушунишга ёрдам беради.
Китоб сиёсатчилар, давлат хизматчилари, иқтисодчилар, тадбиркорлар, талабалар ва умуман мамлакат тақдирига беэътибор бўлмаган барчага тавсия қилинади.

Китоб ҳақида таниқли шахслар фикри:
"Клейтон Кристенсеннинг сўнгги китоби - "Фаровонлик парадокси"ни барча мутолаа қилиши керак. Кристенсен ва унинг ҳаммуаллифлари кучли, ишонарли ва ажойиб тарзда дунёнинг энг умидсиз иқтисодларида инновацияларнинг ўйинни ўзгартирувчи роли ҳақида ишончли далилларни келтирадилар."
- Эрик Шмидт, Google ва Alphabet собиқ ижрочи раиси
"Фаровонлик парадокси хайрия ва ижтимоий фаровонлик ҳақидаги фикримизни ўзгартириш қудратига эга. Биз одамларни қашшоқликдан қандай чиқариш мумкинлиги билан курашишда давом этар эканмиз, Клей Кристенсен, Эфоса Ожомо ва Карен Диллон бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар учун янги ва инновацион ечим тақдим этадилар. Ҳақиқатан ҳам гуллаб-яшнаган жамиятни яратмоқчи бўлган, глобал масалаларга қизиққан ҳар бир киши бу китобни ўқиши керак."
- Арианна Хаффингтон, Thrive Global асосчиси ва бош директори
"Фаровонлик парадокси - бу бизнинг омон қолишимиз имкониятлар яратишга боғлиқлигини тан оладиганлар учун ҳаракатга чақирувдир. Бу китоб инноваторларга янада раҳмдил бўлишга, раҳмдилларга эса инновационроқ бўлишга ёрдам беради."
- Том Флетчер, CMG, Буюк Британиянинг собиқ элчиси ва "Яланғоч дипломат" китоби муаллифи
Ушбу китоб Халқ банки билан ҳамкорликда чоп этилди.