Ko'p so'raladigan savollar

Tovarlarni yetkazib berish va toʻlov turlari

Asaxiy.uz sayti orqali qoldirilgan barcha buyurtmalar butun Oʻzbekiston boʻylab yetkazib beriladi.


Toshkent shahrida yetkazib berish xizmati quyidagicha amalga oshiriladi:

  1. Barcha buyurtmalar mahsulot turiga qarab 8 soatdan 72 soatgacha boʻlgan muddatda yetkazib beriladi va yetkazib berish manziliga kelishdan avval kuryerimiz siz bilan bogʻlanadi. Agar buyurtmalar soni koʻpayib kuryerlarimiz yetkazib berishga kechiksa yetkazib berish muddati kechiktirilishi mumkin. Bunday holda, operatorlarimiz sizni oldindan xabardor qiladi.
  2. Yetkazib berish xizmati har kuni soat 09:00 dan 20:00 gacha amalga oshiriladi.
  3. Buyurtma berishda xaridor qulay yetkazib berish vaqtini tanlaydi, lekin bu buyurtma berilgan paytdan boshlab kamida 8 soatni tashkil etishi lozim.
  4. Buyurtma 17:00 dan keyin joylashtirilgan boʻlsa, yetkazib berish keyingi kun amalga oshirilishi mumkin.
  5. Yetkazib berish xizmati narxi mahsulot kategoriyasidan kelib chiqib belgilanadi va 20 000 so‘mdan boshlanadi. Ushbu narxlar buyurtmani uyingizning (yoki ofisingizning) kirish eshigigacha yetkazib berishda amal qiladi.
  6. Kvartiraga kirish va qavatga chiqishda:
    • Kichik oʻlchamli tovarlar uchun – ­bepul;
    • Katta oʻlchamli tovarlar (muzlatgich, kir yuvish mashinasi, gaz plitasi va boshqalar) uchun – Mahsulot hajmidan kelib chiqib 25.000 so'mdan boshlanadi


Viloyatlarga yetkazib berish xizmati quyidagicha amalga oshiriladi:

  1. Viloyatlarga yetkazib berish kuryerlik xizmatlari orqali amalga oshiriladi.
  2. Viloyat markazlariga yetkazib berish 2-4 ish kunida, tumanlarga esa 3-5 ish kuni ichida amalga oshiriladi.


Muhim xabar!

  1. Barcha tovarlar buyurtmada koʻrsatilgan manzilgacha yetkazib beriladi. Iltimos, buyurtma qoldirishdan oldin yetkazib berish manzili va qabul qiluvchining shaxsiy maʼlumotlari toʻgʻri kiritilganiga ishonch hosil qiling.
  2. Kuryer buyurtmani yetkazib bergandan soʻng sizni 20 daqiqa kutishadi, agar bu vaqt ichida buyurtmani qabul qila olmasangiz, biz yetkazib berishni boshqa sanaga oʻtkazishga majbur boʻlamiz. Bunday holda, qayta yetkazib berish xizmati pullik boʻladi.
  3. Yetkazib berish vaqtlari oldindan ogohlantirilgan holda oʻzgartirilishi mumkin.
  4. Viloyatga buyurtma rasmiylashtirishda fors-major vaziyatlari ehtimolini hisobga olib, tovar qiymatining bir qismi oldindan toʻlov asosida olinadi.
  5. Yetkazib berish xizmati xodimlari konsultant emas va mahsulot konfiguratsiyasi haqida maʼlumotga ega emaslar. Sotib olingan mahsulot haqidagi sizni qiziqtirgan barcha savollarni savdo menejeridan soʻrashingiz mumkin.
  6. Buyurtmani qabul qilgandan soʻng, tovar shikastlanmaganligi haqida ishonch hosil qilgach toʻlovni amalga oshirishingiz mumkin.
  7. Buyurtmani qabul qilish vaqtida mijoz oʻzining shaxsiy pasporti yoki ID kartasini yetkazib berish xodimiga taqdim qilishi kerak.
     

Yetkazib berilgan buyurtmalar uchun toʻlov quyidagicha amalga oshiriladi:

  1. Viloyatlarga toʻlovlar oldindan qilinadigan boʻlsa Click, PayMe ilovalari orqali qilinadi yoki buyurtma kelgandan soʻng toʻlov qilmoqchi boʻlsangiz naqd pulda amalga oshiriladi.
  2. Naqd yoki bank kartasi orqali toʻlov – buyurtma yetkazilgandan soʻng;
    Onlayn toʻlov – saytdagi shaxsiy kabinet orqali amalga oshiriladi.
Buyurtmani bekor qilish va tovarni qaytarish

Siz buyurtmani quyidagi hollarda bekor qilishingiz mumkin:

  1. Buyurtma yetkazib berish xizmatiga topshirilishidan oldin (Buyurtma holatini saytimizdagi shaxsiy kabinetingizda “Buyurtmalar” boʻlimi orqali bilib olishingiz mumkin);
  2. Siz buyurtma bergan mahsulot oʻrniga boshqa bir mahsulot yetkazib berilganda;
  3. Buyurtma berilgandagi kelishilgan summadan ortiqcha pul soʻralganda.

 

Quyidagi hollarda siz tovarni qaytarishingiz yoki almashtirishingiz mumkin:

  1. Mahsulotdan hali foydalanilmagan boʻlsa;
  2. Tovarning plomba yorliqlari buzilmagan boʻlsa;
  3. Sizda xaridni amalga oshirganingizni tasdiqlovchi chek yoki boshqa hujjat mavjud boʻlsa;
  4. Tovarning ishlab chiqarishdagi nuqsoni boʻlsa.

Agar tovarning nuqsoni taʼmir bilan toʻgʻrilash imkoni boʻlsa almashtirib berilmaydi, ta’mirlab beriladi.

 

Tovarni qaytarish uchun quyidagi amallarni bajarishingiz kerak:

  1. +998 71 200 01 05 raqamiga bogʻlanib qanday muammo boʻlganini operatorga tushuntirishingiz kerak (Ish vaqti 09:00-22:00)
  2. @asaxiybot telegram botiga buyurtmani bekor qilish sababini yozishingiz kerak. Agar tovarda qandaydur nuqson kuzatilsa yoki zarar yetkazilgan boʻlsa, uning foto-video dalillarini yuborishingiz kerak.
  3. Ushbu amallarni bajarganingizdan soʻng, murojaatingiz 10 ish kunda koʻrib chiqiladi va toʻlovingiz (agar toʻlovingiz amalga oshirilgan boʻlsa) qaytarib beriladi.

 

Shuni qayd etish lozimki, ayrim mahsulotlar gigiyenik sabablar tufayli qaytarib olinmaydi. Shuningdek, tez buziluvchan yoki beparvolik natijasida zarar yetkazilgan buyumlar uchun kompensatsiya yoki bekor qilish murojaatlari rad etiladi.

Online kurs ofertasi (Foydalanuvchi bitimi)

Оммавий оферта

 

Тошкент ш. «____» _________ 2024 й.

 

Мазкур оммавий оферта «__________________» МЧЖнинг (кейинги ўринларда – Ижрочи) _________________ курси бўйича Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 367-моддаси ва 369-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ хизмат кўрсатиш шартномасини (кейинги ўринларда – Шартнома) тузиш юзасидан лаёқатли бўлган жисмоний шахсларга (кейинги ўринларда – Буюртмачи) расмий таклиф ҳисобланади.

Буюртмачи томонидан мазкур офертада белгиланган ҳаракатларнинг бажарилиши, у томонидан қуйидаги шартлар сўзсиз қабул қилинганлигини англатади (Офертанинг акцепти). Офертани акцепт қилган пайтдан шартнома тузилган ҳисобланади. Мазкур шартномада тўғридан-тўғри назарда тутилмаган барча ҳолларда Тарафлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва иш муомаласи одатларига риоя қиладилар.

 

  1. АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР

Мазкур Шартномада ушбу бўлимда келтирилмаган атамалар ишлатилиши мумкин. Ушбу ҳолатда, бундай атаманинг талқин қилиниши Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига асосан амалга оширилади. Агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ушбу атаманинг таърифи келтирилмаган бўлса, атаманинг луғавий маъносидан келиб чиқиб, унинг ҳажми ва мазмуни мавжуд амалиётга асосан белгиланади.

 

Платформа – Ижрочига интеллектуал мулк сифатида тегишли бўлган, Ижрочи томонидан _________________ курси бўйича видео дарсликлар жойлаштирилган ___________________ сайт.

Ҳисобга олиш қайдномаси – хизмат кўрсатиш жараёнида Буюртмачини идентификациялаш учун мўлжалланган ахборот (ҳисобга олиш ахбороти). Қуйидагилар Буюртмачининг ҳисобга олиш ахбороти сифатида хизмат қилади: фойдаланувчи номи (логини), кириш пароли (пароль).

Иш кунлари – душанба-жума кунлари соат 10.00дан 18.00га қадар.

Видео дарсликлар – Ижрочи томонидан Платформада видео кўринишида жойлаштирилган _________________ курси бўйича маълумотлар.

 

  1. АКЦЕПТ ТАРТИБИ

    1. Мазкур Офертанинг акцепти asaxiy.uz сайти орқали авторизациядан ўтиб, ______________ сайти орқали пуллик хизматни олиш орқали амалга оширилади.

    2. Мазкур Шартномани тузиш орқали Буюртмачи Ижрочига амалдаги шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ўзининг шахсга доир маълумотларига (шу жумладан, бироқ чиқариб ташламаган ҳолда: сайтда жорий этилган сервислардан фойдаланиш учун зарур бўлган тўловнинг ҳисоб маълумотлари, мобил телефон рақами, Ф.И.Ш., рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ маълумотлар, шунингдек, бошқа ҳар хил шахсга доир маълумотлар) ишлов беришга муддатсиз розилигини беради, шу жумладан, уларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, аниқлаштириш (янгилаш, ўзгартириш), кўчириш, фойдаланиш, уларни бериш (тарқатиш, тақдим этиш, доступ бериш) уларни эгасизлантириш, уларни тақиқлаш, уларни ўчириш ва уларни йўқ қилиш, автоматизация воситаларидан фойдаланган ёки улардан фойдаланмаган ҳолда, ушбу шартномани бажариш мақсадида.

    3. Ижрочи Буюртмачининг шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ барча зарур бўлган чораларни кўришини Буюртмачига кафолатлайди.

    4. Ижрочи томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланишдан аввал Буюртмачи мазкур Офертанинг матни билан тўлиқ танишиб чиқиши зарур. Офертанинг шартлари билан тўлиқ ёки қисман норози бўлсангиз, хизматлардан фойдаланишдан бош тортишингиз зарур.

 

  1. ШАРТНОМА ПРЕДМЕТИ

    1. Ижрочи Буюртмачига _________________ курси бўйича пуллик видео дарсликларни тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Буюртмачи эса ушбу Шартнома шартларига мувофиқ тўловларни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

    2. Видео дарсликлар Буюртмачи томонидан Ижрочининг ___________________ сайтида онлайн тарзда кўриб борилади. Ижрочи Буюртмачига дарсликларни ўзлаштириб бориши учун платформага кириш ҳуқуқини (доступ) тақдим этади.

    3. Платформага кириш ҳуқуқи фақат Буюртмачи учун тақдим этилади. Буюртмачи ушбу Шартнома бўйича Платформадан фойдаланиш ҳуқуқини учинчи шахсга ўтказишга, қайта сотиш ҳуқуқига эга эмас. Маълумотлар йўқотилиши, ошкор қилиниши, бошқа шахсга узатилиши хавфи учун жавобгарлик тўлиқ ҳажмда Буюртмачига юклатилади.

 

  1. ШАРТНОМА БЎЙИЧА ТЎЛОВЛАР

    1. Видео дарсликларнинг умумий нархи хизматни сайтда харид қилаётганлигини тасдиқлаш вақтида Буюртмачига хабар берилади.

    2. Ушбу Оферта бўйича Видео дарсликлар бошланғич тўлов билан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосида тақдим этилади.

    3. Буюртмачи ушбу Шартнома имзоланган кундан бошлаб 5 (беш) банк куни ичида ____% миқдорида аванс тўловини амалга оширади. Ижрочи Шартнома бўйича тўлов ҳисоб рақамига келиб тушгандан сўнг Шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни бошлайди.

    4. Буюртмачи томонидан “бўлиб-бўлиб тўлаш” тўлов усули танлангандан сўнг, Буюртмачи ўзига қулай бўлган муддатни танлайди (3/6/12 ой) ва Ижрочининг сўровномасини тўлдиради ва керакли бўлган ҳужжатларни юклайди.

    5. Ушбу Оферта бўйича тўловни амалга ошириш учун Буюртмачи банк карталари, нақд ва турли хил тўлов услублари (масалан, PAYME, СLIСK ва бошқалар) ёки тўлов қилишнинг бошқа электрон воситаларидан фойдаланиши мумкин.

Бунинг учун Ижрочининг платформасида Буюртмачига Ижрочининг ҳамкор тўлов тизимлари таклиф қилинади ва Буюртмачи платформадаги йўриқномага амал қилган ҳолда онлайн тўловни амалга оширади.

    1. Буюртмачига видео дарсликларни кўриш ҳуқуқи берилгандан сўнг, Буюртмачи видео дарсликлардан, берилаётган маълумотлардан ва хизмат сифатидан норози бўлган ҳолатларда, Буюртмачига доступ берилган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни давомида Ижрочининг оператори билан боғланган холда ўз эътирозларини билдириб, амалга оширилган тўловни қайтариб олиш ва хизматлардан воз кечиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолатларда Буюртмачи томонидан кўрилган дарсликлар видео дарсликларнинг умумий сонидан 10%дан кўп бўлмаган миқдорда бўлиши лозим. Буюртмачи томонидан Платформада видео дарсликлар умумий сонидан 10% дан кўп бўлган қисми очилганида ва/ёки доступ берилган кундан бошлаб 5 (беш) иш кунидан кўп вақт ўтганидан сўнг Буюртмачи шартнома бўйича тўловларни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

 

  1. ТАРАФЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

    1. Ижрочи қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

      1. Буюртмачи платформага кириши учун унга доступ очиб бериш;

      2. Видео дарсликлар жойлаштирилган платформада юзага келиши мумкин бўлган муаммолар, носозликлар ҳақида Буюртмачини ўз вақтида огоҳлантириш;

      3. Хизматларни ўз вақтида тақдим этишга тўсқинлик қилаётган ёки бажариш имконсиз бўлган объектив сабаблар юзага келган ҳолатларда, камида 1 (бир) кун аввал бу ҳақида Буюртмачига хабар бериш. Бундай сабаблар туфайли хизмат кўрсатишдаги узилишлар компенсация қилинмайди.

    2. Буюртмачи қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

      1. Ушбу Шартнома шартларига мувофиқ тўловларни ўз вақтида амалга ошириш;

      2. Видео дарсликларни мустақил равишда кўриб бориш;

      3. Буюртмачи Ижрочига хизмат кўрсатишдаги режадан ташқари узилишлар сабабларини, хавфсизлик талаблари бузилишларини ва мазкур Шартнома шартлари бузилишига тахминларни текширишда ёрдам бериш.

    3. Ижрочининг ҳуқуқлари:

      1. Буюртмачидан Шартнома бўйича тўловларни ўз вақтида амалга оширилишини талаб қилиш;

      2. Буюртмачидан Шартнома бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажаришни талаб қилиш.

    4. Буюртмачининг ҳуқуқлари:

      1. Шартнома муддати иш кунлари давомида (душанба-жума 10.00-18.00), ёрдам учун қуйидаги воситалар орқали Ижрочи билан боғланиш:

а) электрон почта (____________________) - савол шошилинч бўлмаган тақдирда;

б) телефон қўнғироғи ёки мессенжерлар (тел: ________________) - савол шошилинч бўлган тақдирда.

      1. Ижрочи томонидан Шартнома бўйича мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажаришни талаб қилиш.

    1. Ижрочи қуйидаги ҳолатларда Хизматлар кўрсатишни вақтинча тўхтатиб қўйиш, Буюртмачини аккаунтига киришни блокировка қилиш, Буюртмачининг янги Хизмат учун буюртмасини рад қилиш ва (ёки) Буюртмачининг Хизматлар амал қилиш муддатини узайтириш учун буюртмасини рад қилишга ҳақли:

      1. Ижрочи Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ўзаро муносабатларни тартибга солувчи ва тегишли ваколатларга эга давлат органи томонидан Хизматлар кўрсатишни вақтинча тўхтатиб қўйиш тўғрисида талабни ўз ичига олган тегишли кўрсатма олган ҳолатда;

      2. Ижрочининг қоида бузилишларини бартараф этиш бўйича талаблари Буюртмачи томонидан бажарилгунгача Хизматлар кўрсатишни вақтинча тўхтатиб қўйиш Буюртмачи томонидан мазкур Шартнома бўйича ўзининг барча мажбуриятлари бажарилишини бекор қилмайди.

    2. Ахборот-тармоқ хавфсизлиги соҳасида, шунингдек турли хил тармоқ ҳужумларига, шу жумладан оммавий IP-манзиллари учун хизмат кўрсатишни рад қилиш тақсимланган ҳужумларига қарши курашиш (DDoS) соҳасида нохуш ҳолатлар олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ижрочи исталган пайтда Буюртмачини олдиндан хабардор қилмаган ҳолда, чекланишларни жорий қилишга, шу жумладан портларни блокировка қилишга ёки IP-манзилга киришни чеклашга, UDP amplification даражадаги ҳужумлар учун фойдаланиш мумкин бўлган сервисларни ўтказиш полосасини чеклашга ёки ушбу сервислардан фойдаланиш имкониятини чеклашга ҳақли.

 

  1. ВИДЕО ДАРСЛИКЛАРНИ КЎРИБ БОРИШ ТАРТИБИ

    1. Буюртмачи Ижрочи томонидан платформага кириш учун доступ берилган кундан бошлаб ___ (_______) ой давомида видео дарсликларни кўриб боради.

    2. Платформа ушбу Шартноманинг 6.1-бандида кўрсатилган муддат давомида узлуксиз ишлаб боради.

    3. Шартноманинг 6.1-бандида кўрсатилган муддат тугагач, Буюртмачи учун платформага кириш ҳуқуқи берилмайди (доступ ёпилади).

    4. Буюртмачига платформага кириш учун доступ берилган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни давомида эътирозлар келиб тушмаган ҳолатларда Ижрочи томонидан хизматлар сифатли ва тўлиқ кўрсатилган, Буюртмачи томонидан эътирозларсиз қабул қилинган деб ҳисобланади ва Кўрсатилган хизматларни қабул қилиш-топшириш далолатномасини имзолаш талаб этилмайди.

    5. Ижрочи томонидан Буюртмачига тақдим этиладиган видео дарсликлар сони жами 50 (эллик) видео дарсликни ташкил этади.

 

  1. ТАРАФЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

    1. Тарафлар Шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ва/ёки лозим бўлган даражада бажармаган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ва Шартнома шартларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

    2. Ушбу Шартнома бўйича видео дарсликлар сифатида мустақил таълим назарда тутилган бўлиб, Буюртмачи томонидан видео дарсликлар паст даражада ўзлаштирилганлиги/ ўзлаштирилмаганлиги учун Ижрочи жавобгар бўлмайди.

    3. Буюртмачи томонидан ушбу Шартноманинг 3.3-банди бузилган ҳолатларда Буюртмачи Ижрочига 100 БҲМ миқдорида жарима тўлайди.

    4. Буюртмачи томонидан ушбу Шартноманинг 10.2-банди бузилган ҳолатларда Буюртмачи Ижрочига ёки видео дарсликлар Муаллифига 500 БҲМ миқдорида жарима тўлайди.

    5. Буюртмачи томонидан ҳар қандай учинчи шахсга логин ва пароль берилган ҳолатда, ушбу учинчи шахснинг платформада амалга оширган ҳаракатлари учун барча жавобгарлик Буюртмачига юклатилади.

    6. Ижрочи қуйидагилар учун Буюртмачи олдида жавобгар бўлмайди:

      1. Ижрочи хизматларидан фойдаланиш даврида ёки фойдаланилмаган даврда олинмаган даромад ва бой берилган фойда, шунингдек Буюртмачига етказилган ҳар қандай билвосита зарарлар учун жавобгар бўлмайди.

      2. Интернет тармоғи ёки унинг қисмлари меъёрий ишлаши учун жавобгар бўлмайди, худди шундай, агар мазкур Шартномада бевосита ўзгача назарда тутилмаган бўлса, Буюртмачининг улардан фойдаланиш имконияти яратилганлиги учун жавобгар бўлмайди.

      3. Учинчи шахсларнинг ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлари учун жавобгар бўлмайди.

      4. Буюртмачи ёки фойдаланувчилар томонидан ташкил қилинадиган ва таъминланадиган ахборот узелларининг сақланиши учун жавобгар бўлмайди ва ҳеч қандай дастлабки цензурани амалга оширмайди. Бунда Ижрочи, Буюртмачи томонидан Шартнома ва/ёки қонун ҳужжатлари бузилиши туфайли юзага келган зарур ҳолларда, Буюртмачи ёки унинг фойдаланувчилари ахборот ресурслари таркибини блокировка қилишга, ўзгартиришга, олиб ташлашга ҳақли.

 

  1. ФОРС-МАЖОР ҲОЛАТЛАРИ

    1. Тарафлар ушбу шартнома бўйича ўз мажбуриятларини қисман ёки тўлиқ бажармаганлиги учун жавобгарликдан озод қилинадилар, агарда унинг тўғри бажарилиши енгиб бўлмайдиган куч(форс-мажор) ҳолатлари, яъни: ёнғин, табиий офатлар, пандемия, уруш, ҳар қандай табиатдаги ҳарбий операциялар, блокадалар натижасида келиб чиққан бўлса, Шартномани ижро этиш муддати форс-мажор ҳолатлар амал қилган вақтга мутаносиб равишда кечиктирилади.

    2. Агар ушбу ҳолатлар 3 (уч) ойдан кўпроқ давом этса, Тарафларнинг ҳар бири Шартнома бўйича кейинги мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга бўлади ва бу ҳолда, ҳеч бир Тараф бошқа Тараф томонидан вужудга келиши мумкин бўлган зарарни ундириш ҳуқуқига эга эмас.

    3. Ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш имконсизлиги юзага келган Тараф юқоридаги ҳолатларнинг пайдо бўлиши, давомий муддати ва бекор қилиниши тўғрисида бошқа Тарафга ёзма равишда хабар беришга мажбур, аммо улар юзага келган ёки бекор қилинган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай.

    4. Ушбу ҳолатлар пайдо бўлган жойдаги ваколатли органлар томонидан берилган расмий баёнотлар (шу жумладан, гувоҳномалар) форс-мажор ҳолатлари ва уларнинг давомийлиги тўғрисида тегишли далил бўлиб хизмат қилади.

    5. Шу билан биргаликда, форс-мажор ҳолатларига ушбу Шартнома бўйича хизмат кўрсатиш мумкин эмаслигига олиб келадиган Google Ins. ва Apple Ins. компанияларининг ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги киради. Учинчи шахсларнинг бевосита ёки билвосита ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги ва/ёки Ижрочининг шахсий ресурсларидан ташқарида транспорт-ахборот каналларининг ишга яроқсизлиги сабабли юз берадиган Ижрочининг шахсий ресурсларидан тўлақонли фойдаланиш имконияти йўқлиги ва ишдаги кечикишлар, узилишлар учун жавобгар бўлмайди.

 

  1. МАХФИЙЛИК

    1. Тарафларнинг хар бири ушбу Шартнома тузишда ва Шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш жараёнида бошқа Тарафнинг махфий маълумотларини ошкор қилмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Ушбу мажбурият Шартномани амал қилиш муддати давомида ва бекор қилинганидан сўнг амалга оширилади.

    1. Ижрочи Буюртмачи тўғрисидаги маълумотларни фақат Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига асосан ошкор қилишга ҳақли.

    2. Мазкур Шартномада назарда тутилган махфийлик режими бузилган ҳолатда, Ижрочи бундай қоида бузилиши аниқланган санадан эътиборан бир томонлама тартибда Буюртмачига келгуси Хизматлар кўрсатишни рад қилишга, шунингдек Буюртмачи томонидан махфий ахборот режими бузилиши оқибатида етказилган зарарлар компенсациясини талаб қилишга ҳақли.

 

  1. МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

    1. Ижрочи Хизматларини кўрсатиш амалга ошириладиган ёки бундай Хизматлар бевосита кўрсатиладиган сайт Ижрочига, унинг аффилланган шахсларига ва бошқа алоқадор тарафларга, вакилларга, Ижрочи номидан фаолият юритувчи бошқа барча шахсларга тегишли интеллектуал фаолият натижаларини ўз ичига олади.

    2. Платформа, фотоматериаллар билан боғлиқ барча интеллектуал ишланмалар, ғоялар, бошқа номоддий маҳсулотлар ва интеллектуал мулклардан фойдаланиш учун барча ҳуқуқлар Ижрочига тегишли. Платформада Ижрочи томонидан жойлаштирилган видео дарсликлар «MOXIRDEV» МЧЖга тегишли. Буюртмачи ушбу маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш, тарқатиш ва сотиш ҳуқуқига эга эмас.

    3. Буюртмачи томонидан Ижрочининг ёки «MOXIRDEV» МЧЖнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоялашга тегишли Шартнома қоидалари бузилган ҳолатда, Ижрочи барча етказилган зарарлар, шу жумладан бой берилган фойда компенсацияларини талаб қилишга ҳақли.

 

  1. ХАБАРНОМАЛАР АЛМАШИНУВИ

    1. Тарафлар ўртасида хабарномалар, шу жумладан юридик аҳамиятли хабарномалар алмашинуви электрон почта, телефон қўнғироғи ёки мессенжерлар орқали амалга оширилади.

    2. Юқорида қайд этилган усуллардан исталган бири орқали Ижрочи томонидан тегишли хабарномалар юборилганида Буюртмачи томонидан хабарномаларнинг олинмаслиги хавфи ҳолатида, шу жумладан Бошқарув панелида электрон почта нотўғри қайд этилган, шу жумладан платформа орқали олинадиган хатлар ва хабарномаларни ўқиш рад қилинган ва ҳ.к. ҳолатда Буюртмачи жавобгар бўлади.

    3. Электрон почта манзили нотўғри кўрсатилган, электрон почтага кириш маълумотлари йўқотилган ва/ёки электрон почта манзили алмаштирилган ҳолатда, бу ҳақда Ижрочи хабардор қилинмаган ҳолатда, билдириш хати ўқиб чиқилмаган ҳолатда, Буюртмачининг қайд этилган электрон манзилига юборилган Ижрочининг ҳар қандай билдириш хати олинган ҳисобланади.

    4. Тарафларда электрон почта бўйича хабарномалар олинганлигига ва (ёки) юборилганлигига ва Ижрочининг интерфейсидан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ҳаракатларга шубҳалар пайдо бўлган ҳолатда, Ижрочида сақланадиган ахборот юқорида қайд этилган ҳолатларнинг асосли далил-исботи ҳисобланади.

 

  1. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ

    1. Мазкур шартномадан келиб чиқувчи ҳар қандай низо Буюртмачининг ёзма мурожаати асосида эътироз тартибида кўриб чиқилади. Мурожаатни кўриб чиқиш ва унинг мазмунига қуйиладиган талаблар амалдаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

    2. Келишувга эришилмаган тақдирда, низолар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ суд тартибида кўриб чиқилади.

 

  1. БОШҚА ШАРТЛАР

    1. Мазкур Оферта Буюртмачи акцепт қилганидан кейин кучга киради ва ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаргунга қадар ёки Буюртмачига Офертани чақириб олиш тўғрисидаги билдиришнома юборилган кунга қадар амал қилади.

    2. Мазкур Офертанинг бир ёки бир неча қоидалари бирон-бир сабабга кўра юридик кучга эга бўлмаган, ҳақиқий ҳисобланмаган ҳолатда, бундай ҳақиқий ҳисобланмаслик умуман Офертанинг ҳақиқийлигига ёки Офертанинг қонуний кучдаги исталган бошқа қоидаси ҳақиқийлигига таъсир этмайди.

    3. Офертада тартибга солинмаган масалалар бўйича Тарафлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига амал қиладилар.

    4. Мазкур Оферта ўзбек тилида ёзилган.

 

Buyurtma qanday beriladi?

Asaxiy.uz sayti orqali buyurtma berish oson. Quyida buni qanday qilish haqida aytib o‘tamiz.

*Ko‘proq imkoniyatlarga ega bolish uchun “Shaxsiy kabinet” bolimida ro‘yxatdan o‘ting.

 

Ro‘yxatdan o‘tish

Buyurtma berish haqida ma’lumot olishdan oldin, keling, bir necha kerakli amallarni bilib olaylik. Saytimizda ro‘yxatdan o‘tish uchun quyidagi ketma-ketlikni bajaring:

• “Shaxsiy kabinet” bo‘limiga kirib, o‘z telefon raqamingizni kiriting va “Faollashtirish kodini oling” tugmasini bosing.

• Maxsus kod sizning raqamingizga SMS-xabar orqali boradi. Uni kiritgandan keyin “Kirish” tugmasini bosasiz.

• Shundan so‘ng, kerakli ma’lumotlarni kiriting (Ism-familiya, manzilingiz va boshqalar).

• “O‘zgarishlarni saqlang” tugmasini bosganingizdan so‘ng siz saytimizda ro‘yxatdan o‘tasiz.

Tabriklaymiz, siz endi keng imkoniyatlarga ega mijozlarimiz safiga qo‘shildingiz! Ma’lumotlarni o‘zingiz xohlagan vaqtda “Shaxsiy kabinet” orqali yangilashingiz mumkin.

 

Mahsulot tanlash

Siz qiyinchiliksiz buyurtma berishingiz uchun saytimizga deyarli har kuni qulayliklar qo‘shib boramiz. Misol uchun, www.asaxiy.uz saytimizning bosh sahifasida turli chegirmalar, yangi tovarlar va eng yaxshi tovarlar haqida ma’lumotlar berib boramiz. “Barcha bo‘limlar” qismida siz saytimizdagi barcha tovarlar bilan tanishib chiqa olasiz. Tegishli tovarning sahifasiga o‘tib, o‘zingizni qiziqtirgan barcha ma’lumotlarni olishingiz mumkin.