Муваффақиятли инсонлар муаммолар билан эмас, балки имкониятлар билан яшайдилар. Улар имкониятлардан озиқланиб, муаммоларни очликда қолдирадилар.
Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси — Стивен Ковининг шахсий ва профессионал ўсишга йўналтирилган, дунё бўйлаб миллионлаб одамларни илҳомлантирган ажойиб китобидир. Китоб биринчи бор 1989 йилда нашр қилинган ва 2011 йил августда "Time" журнали ушбу китобни асосий бизнес китобларнинг 25 талик рўйхатига киритган. Китоб бугунги кунга қадар 40 дан ортиқ тилга таржима қилинган ва бутун дунё бўйлаб 40 миллиондан ортиқ нусхада сотилган.

Китоб доимо муваффақиятга интилувчилар учун. У инсоннинг ривожланиши, ҳаёт мазмуни ва воқеа-ҳодисаларга реакцияси, яъни жавоби ҳақида.
Стивен Кови жуда кўплаб лидерлик, муваффақият, самарадорлик мавзусидаги китобларни нафақат ўқиган, балки таҳлил ҳам қилган. Асарда кўплаб машҳур (шунчаки машҳур эмас, балки ўзини максимал даражада ривожлантириб, ички хотиржамликка эришган)лардан мисол келтирилади. Муаллифнинг принципга асосланган ёндашуви китобхонларга шахсий ва профессионал ҳаётда узоқ муддатли муваффақиятга эришиш учун зарур кўникмаларни ўргатади.

Ушбу китобда Стивен Ковининг етти асосий одати, яъни ташаббускорлик, аниқ мақсадлар қўйиш, устуворликни белгилаш, ижобий муносабатлар ўрнатиш ва узлуксиз ўсишни қўллаб-қувватлаш каби одатлар аҳамияти ва уларни шакллантириш бўйича тавсиялар келтирилган. Бу одатлар биргаликда самарали фикрлаш ва муносиб раҳбарликни ривожлантириш учун зарур бўлган инсон характерини яратади.

Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси - фақат китоб эмас, балки шахсий ривожланиш ва муваффақиятга эришиш бўйича кучли қўлланмадир. Агар сиз мазмунли ҳаёт, соғлом муносабатлар ва орзулар рўёбини хоҳласангиз китоб айнан сиз учун.
