Ҳар бир инсонда тақдирини ўзгартириб юборувчи ва келгуси ҳаёт йўлини белгилаб берувчи учрашувлар бўлади. Отабек Маҳкамовнинг омади шундаки, унинг умр йўлида бутунбошли китобга жамласа бўладиган кўплаб ана шундай учрашувлар юз берган. Унинг юристлик ва ўқитувчиликдан тортиб актёрлик, журналистик, телебошловчилик, блогерлик ҳамда мотиватор нотиқликка қадар бўлган ёрқин касбий фаолиятидан келиб чиқадиган бўлсак, бунинг ажабланадиган жойи йўқ.
Ушбу китоб қаҳрамонлари орасида Ҳиллари Клинтон, Гордон Рамзи, Антонио Бандерас, Девид Копперфильд, Энрике Иглесиас, Фаррух Зокиров, Даниел Редклифф каби машҳур инсонлар ҳамда дунё миқёсидаги юлдуз бўлмасада, кўпчиликка таниқли шахслар бор. Отабек Маҳкамов илк дақиқаларданоқ суҳбатдошининг эътиборини жалб этиш, унинг янги, баъзан кутилмаган жиҳатларини очиб бериш қобилиятига эга. Шу боисдан мазкур китобда жамланган тасодиф бўлмаган ҳар бир учрашувнинг ўзига хос қизиқарли тарихи бор.
Ниҳоят, китоб самимият билан ёзилган. У ҳаёт, унинг дарслар, қувончлари, фожиалари, йўқотишлари ва ғалабалари ҳақида. Ундан барча замон ва халқларга хос ҳазил-мутойиба, теран мулоҳазалар, ўткир мушоҳадалар, тарихий мисоллар ҳамда ҳикматли сўзлар ҳам ўрин олган.
Мазкур китоб биринчи нашрда уч тилда - ўзбек, рус ва инглиз тилларида босиб чиқарилган эди. Ушбу янги нашр эса фақатгина ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилди. Бунинг сабаби шундаки, муаллиф эътиборини айнан ўзбекзабон ёшларга қаратишни, ўзбек ёшларига кўплаб давлатларга бориб, таниқли инсонлар билан кўришиб суҳбатда бўлиш ақл бовар қилмас иш эмаслигини, бу уларнинг хам қўлидан келиши мумкинлигини кўрсатиб беришни мақсад қилган. Ундан ташқари, бу орқали миллий контент бойийди, ўзбек тили нуфузи ва мавқеи янада ошади.
Муаллиф ушбу ижодий лойиҳадан тушган маблағнинг бир қисмини Ўзбекистондаги оғир касалликларга чалинган ва дори-дармонга моддий имкони бўлмаган болаларни даволаш учун ажратишни режалаштирган.