Asaxiy Books лойиҳасида жаҳон адабиёти дурдонаси - “Том Сойернинг саргузаштлари” китоби премьераси!
“Том Сойернинг саргузаштлари” - болалик, эркинлик ва ҳақиқий дўстлик ҳақида ёзилган, авлодлар оша ўқилиб келаётган жаҳон адабиётининг дурдонаси.
Америкалик машҳур ёзувчи Марк Твен асарларини ўқимаган китобхон топилмаса керак. Унинг ижоди болалар адабиётининг мумтоз намуналари қаторидан жой олган ва бугунги кунгача миллионлаб ўқувчиларни ўзига ром этиб келмоқда.
Марк Твен болалар ҳаётини ортиқча безакларсиз, сунъий қаҳрамонларсиз, уларнинг шўхлиги, қизиққонлиги, самимийлиги ва баъзан қайсарлигини ҳаётий ва ишонарли тарзда тасвирлайди. Шу боис унинг қаҳрамонлари ҳар бир ўқувчига жуда тез яқин бўлиб қолади.

Ушбу китоб қаҳрамони Том Сойер - тиниб-тинчимас, саргузаштни севувчи, топқир ва уддабурон бола. У оддий кундалик воқеаларни ҳам ҳаяжонли саргузаштга айлантира олади. Баъзан у шўхлиги сабаб муаммога дуч келади, баъзан эса айнан шу шўхлиги уни мураккаб вазиятлардан олиб чиқади.
Асар давомида Том нафақат шўх бола, балки масъулиятни ҳис қила бошлаган, жасорат кўрсатишга қодир шахс сифатида ҳам намоён бўлади. Бу эса китобни нафақат қизиқарли, балки тарбиявий жиҳатдан ҳам аҳамиятли эканини англатади.

Мутолаа давомида сиз Том билан бирга:
- қизиқарли ва сирли воқеалар ичига шўнғийсиз;
- дўстлик ва садоқатнинг ҳақиқий қийматини тушунасиз;
- болаликнинг шўх ва беғубор лаҳзаларини қайта ҳис қиласиз;
- жасорат, виждон ва танлов олдида қолиш қандай бўлишини кўрасиз.
Бу китоб қаҳрамонлари сизга ҳам бегона эмас. Ахир ҳар биримизнинг шўх, тиниб-тинчимас, ерга урсанг, кўкка сапчийдиган дўстларимиз бор-ку. Том Сойер, Ҳаклберри Фин, Жо Ҳарпер каби қаҳрамонлар ана шундай дўстларимизнинг образидир. Мутолаа давомида улар орасидан ўзингизни ҳам топишингизга, албатта, ишонамиз.
Асардаги қаҳрамонлар вақт ўтиб оддий образ эмас, балки яқин дўстингизга айланади.

Китобдан нималарни ўрганиш мумкин?
• Дўстлик ва садоқатни қадрлаш;
• Хатолардан қўрқмаслик ва улардан сабоқ олиш;
• Тўғри ва нотўғри қарорлар ўртасидаги фарқни англаш;
• Ўқишга ва фикрлашга бўлган қизиқишни ошириш;
• Қийин вазиятларда ҳам ўзига ишончни йўқотмаслик.
Бу асар вақт синовидан ўтган ҳақиқий классик адабиёт бўлиб, 9 ёшдан бошлаб ўқиш мумкин. Тили содда, аммо мазмуни чуқур бўлгани учун у болаларни ҳам зериктирмайди, катталарда эса илиқ болалик хотираларини уйғотади.
“Том Сойернинг саргузаштлари” - бу шунчаки болалар учун ёзилган китоб эмас. Бу болаликнинг беғубор қувончлари, эркинликка бўлган интилиш, дўстлик ва жасорат ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий асардир. Ушбу китоб ўқувчини шунчаки воқеалар ривожига гувоҳ бўлишга эмас, балки Том билан бирга қувонишга, хавотирланишга, хато қилишга ва тўғри хулоса чиқаришга ундайди.

Бу асар болаларда ўқишга бўлган муҳаббатни уйғотади, уларни мустақил фикрлашга, ҳаётий вазиятларга бефарқ бўлмасликка ўргатади. Катталар учун эса у болалик хотираларини қайта жонлантириб, ҳаётнинг энг содда, аммо энг муҳим қадриятларини эслатади.
“Том Сойернинг саргузаштлари” билан фарзандингизга билим ва завқни, ўзингизга эса илиқ ва самимий хотираларни ҳадъя қилинг.
Чиқиши кутилаётган сана: 10 январь