Ушбу луғат тумандаги барча қишлоқларнинг диалектал хусусиятларини қамраб олган эмас. Китобда Бувайда, Бачқир, Оққўрғон, Янгиқўрғон, Жийдали, Жалаер ва Инғирчоқ қишлоқларида фаол қўлланиладиган диалектал бирликлар, иборалар ва мақол-маталлар жамланган. Адабий тилдаги сўзларнинг шевадаги фонетик вариантларидан айримлари намуна сифатида олинди. Бувайда туманининг диалектал ва этнографик хусусиятларини тўлиқ ўрганиш учун алоҳида илмий-амалий тадқиқотга эҳтиёж борлиги маълум. Йирик тилшунос олим Низомиддин Маҳмудов шевалар тадқиқининг аҳамиятини шундай таъкидлайди: "Халқ тилининг ҳудудий намуналари бўлмиш шевалар бениҳоя нодир бойлик, улар адабий тилимизнинг асосий бойиш манбаларидан биридир. Шеваларга оид сўзларни тўплаш, чуқур ўрганиш, лисоний-тарихий жиҳатдан тавсифлаш тил ва халқнинг мураккаб тарихини тадқиқ этишда муҳим омиллардан ҳисобланади".