Ушбу тарихий-илмий, илмий-публицистик асар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги "Буюк давлат арбоби, буюк саркарда, шоир ва машҳур олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига амалий жавоб сифатида тайёрланиб, кенг жамоатчиликка ҳавола этилмоқда.
Шонли тарихимизга ҳам, бугунги кунимизга ҳам назар солсак, Андижон заминида кўплаб соҳаларда қанчадан-қанча буюк ва фидойи инсонлар камол топганини кўрамиз. Чунки андижонликларнинг ўз халқи ва ор-номуси учун майдонга белбоғ боғлаб чиқиши азалий анъанадир. Мисол учун, буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурни олайлик: бу улуғ зот 12 ёшидан бошлаб йирик марказлашган темурийлар давлатини сақлаб қолиш учун тинимсиз курашди. У на ёвуз душманлардан, на хатарли синовлардан қўрқди. Қирқ етти йиллик умри давомида бир лаҳза ҳам тинчлик билмай, авлодларига ва Ватанига бўлган улкан муҳаббатини, олижаноб фазилатларини намоён этиб, бизга муборак мерос қолдирди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур бизнинг бобомиз, қонимиз, фарзандларимизга фахр билан сўзлаб беришимиз мумкин бўлган буюк аждодимиздир. У Андижонда улғайган.
Барчамизга маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан ўз юртига бўлган чексиз муҳаббат ва эзгу фазилатлар мерос бўлиб қолган. Эл-юрт тақдири учун ўзини аямай, чарчоқ билмай яшаган бундай ажойиб инсонларнинг авлодларини бугун Андижонда учратиш мумкин. Мен барчамиз яхши биладиган Бобур халқаро жамғармаси раиси ҳурматли Зокиржон Машрабовни ана шундай мард ва ватанпарвар инсон деб биламан.
Унинг фаолияти ҳақида тўлиқ маълумот бериш учун алоҳида анжуман ўтказсак ҳам етарли бўлмайди. Зокиржон аканинг саъй-ҳаракатлари билан Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг рамзий қабри ва ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Бобур ва унинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб этиш бўйича қандай улкан ишлар амалга оширилгани сизларга яхши маълум.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев