xazna-nasiya

Категории
Сравнение Сравнение Оплатить Оплатить Отследить заказ Отследить Избранное Избранное 0 O'zbekcha Войти

Китоб ҳақида ўйлар

Китоб ҳақида ўйлар

​Ўйлашимча, китобга ортиқча таърифу тавсифнинг ҳожати йўқ. Китоб инсоният яратилганидан бошлаб нақадар буюк кучга эга эканлигини исботлаб бўлган. “Зар қадрини заргар билар” деганларидек, китобнинг қанчалик кони фойда эканлигини муҳтарам ўқувчи мендан ҳам яхши англаб етади. Бу тўғрисида барча ўзининг қарашлари ҳамда хулосаларига эга.


Шундай бўлса-да, қуйидаги сатрларда китоб, унинг мўъжизавий хусусиятлари, инсонларга етадиган фойдаси тўғрисида ожизона фикрим билан ўртоқлашишни ният қилдим. Ҳар бир инсоннинг ўз фикрлари, қарашлари, хулосалари турфа хил бўлганлигидан мен ҳам китоб ўқиш асносида олган бир қатор фойдаларим билан бўлишишни хоҳладим.

Ёзувчи маълум бир даврни яшаб ёзаётган асарида ҳаётида учратган инсонлар, турфа тақдирлар ва бошқа маълум бир воқеа ҳодисаларни акс эттиради. Шунингдек, китоб ёзиш асносида ёзувчи кўплаб инсонлар, соҳа мутахассислари билан суҳбатлашади ва китобда акс эттирилаётган жойлар бўладими тарихий обидаларми, чет эл манзилларими жамики барчасини ўз кўзи билан кўрмагунича ўз асарида уларни акс эттирмайди.

Яъни Сиз мазкур китобни ўқиш жараёнида ёзувчидан маълум бир билимларни ўзлаштирасиз. Ҳаётингиз давомида учратган инсонларингиздан ташқари ёзувчи томонидан эътироф этилган турфа характердаги инсонлар билан танишасиз, уларни ўрганасиз ва бу орқали дунёқарашингиз янада бойитасиз.

Яна шуни айтиб ўтиш лозимки, китоб ўқиш жараёнида сиз инсонларнинг ички кечинмаларини яхшироқ тушуниш имкониятига эга бўласиз, болалар, ўсмирлик ёшидаги, улғайган инсон ва ниҳоят кекса одамнинг ўй-ҳаёллари тўғрисида тасаввурга эга бўласиз. Бу эса ўз-ўзидан сизга инсонларни ёшларига қараб муомала қилиш кўникмасини шакллантиришга ёрдам беради. Уларнинг даражаларига тушиб суҳбатлашиш шу орқали улар билан яхшироқ муносабатга киришиш билан уларнинг қалбларини маҳв этасиз.

Қолаверса, одам бошқаларни қанчалик кўп билса унинг тажрибаси шунчалик юксаклашади. Доимий китоб ўқиш билан Сиз ҳаётингизда учратишингиз мумкин бўлганидан кўра кўпроқ инсонлар билан танишасиз, суҳбатлашасиз ҳамда уларнинг ички дунёларини кашф этасиз.

Шу билан бирга, кўп китоб ўқийдиган инсонлар бошқаларни яхшироқ тушуниш қобилиятига эга бўлади. Шу сабабдан бўлса керак кимнинг бошига бирор қайғу тушадиган бўлса, кўп ҳолларда доимий китоб ўқийдиган инсон билан суҳбат қуриш истагида бўлади ва ёки мутолаага киришади.

Кўп инсонларга шу фикрларимни айтганимда улар “Киночи?" деган савол билан мурожаат қилишади. Уларга эса жавобим қуйидагича:
- Тўғри кино ҳам инсонга маълум бир билимларни беради. Лекин кино кўраётганингизда миянгиз дангаса бўлиб қолади. Сабаби экранда Сиз фильм ишлаб чиқарувчилар томонидан маълум бир қолипга солинган образлар, манзаралар ва актёрларни кўрасиз. Китобда эса аксинча, миянгиз ҳар бир манзарани, қаҳрамонни тасаввур кучи ёрдамида ўзи гавдалантириб, китоб ўқиш давомида тинимсиз ишлаб туради. Аллоҳ инсон миясини шундай яратганки, у қанчалик кўп ишлайдиган бўлса техника технологиялардан фарқли равишда шунчалик ўткирлашиб, кучайиб бораверади.

Рости, ўзим ҳам киноларни севиб томоша қиламан. Лекин китоб ва филимни ўзаро солиштирадиган бўлсам, улардан олган завқим орасида ер билан осмонча фарқ бўлади. Бадиий асарларда Сиз кинодан фарқли равишда қаҳрамонларнинг бошидан ўтказган фикрлари, ички кечинмаларини ҳам ҳис қила оласиз.

Ушбу ҳолатдаги катта фарқни Александр Дюманинг Граф Монте-Кристо асарида яққол ҳис этганман. Асарни ўқиш жараёнида Эдмон Дантеснинг зиндондаги 14 йили қандай азобларда ўтганлиги китобда шундай тасвир этилганки, уни ўқиб Сиз унинг қасос ўтида бунчалик ёниши бекорга эмаслигини англаб етасиз. Асарни ўқиб бўлганимдан сўнг унинг бадиий фильмини ҳам томоша қилиш истаги пайдо бўлди. Очиғи, кейинчалик бу қароримдан жуда афсусландим, сабаби кинодаги актёр ва актрисалар мен тасаввур қилган қиёфада эмасдилар. Шунингдек, юқорида қайд этганим бош қаҳрамон Эдмон Дантеснинг қамоқдаги 14 йиллик умри асардаги каби таъсирли эмас, аксинча худди 1 ой зиндонбанд бўлгандай эди.

Яна бир жиҳатга ҳеч эътибор қаратганмисиз, дунёдаги барча буюкликка эришган инсонлар доимо китоб мутолаа қилишларини таъкидлашган. Ишонмасангиз, интернетга боқинг. Бу тасодиф деб ўйлайсизми? Асло! Айнан китоб кўп жиҳатдан ушбу инсонларни шундай буюкликка чиқишига сабабчи бўлган.

Аллоҳ томонидан инсониятга инъом этилган энг катта туҳфалардан бири айнан китоб бўлса керак. Ўйлаб кўринг, бир инсон бутун умрини бирор-бир технологияни кашф этишга сарф этиб, ёзган қўлёзмаси олим вафот этганидан сўнг дастурул амал сифатида унинг шогирдлари томонидан якунига етказиб қўйилиши мумкин. Шогирд устози томонидан амалга оширилган тадқиқот, муваффақиятсизликка учраган синовларни қайтадан амалга ошириши шарт эмас, барча ўтказилган тадқиқотлар формулалар, конструкциялар кўринишида китобда баён этилган. Бу эса бир инсоннинг тахминан 40 йиллик умрини яшаш дегани. Инсониятнинг ривожланиш жараёнига эътибор қаратадиган бўлсангиз, айнан шу кетма-кетлик туфайли ҳозирги технологик ривожланиш даврига етиб келганимизни ҳис этасиз. Самолёт ўз-ўзидан 19 асрга келиб яратилиб қолмади бу бўйича ишланмалар буюк мусаввир, ҳайкалтарош, олим Леонардо Да Винчи қўлёзмаларида учрайди. У ўтказган кўплаб тадқиқотлар, кузатишлар ва чизмалар бевосита ҳозирги кундаги мукаммал даражадаги самолётлар яратилишига андоза бўлиб хизмат қилган.

Худди шундай Европада 14-16 асрларда содир бўлган машҳур Ренессанс даври учун андоза улардан анча аввал шарқда, шу жумладан бевосита мамлакатимиз ҳудудида содир бўлган илм чўққисига чиққан 8-9 асрларга бориб тақалади. Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Абу-Наср Фаробий ва бошқа кўплаб буюк алломалар томонидан олиб борилган тадқиқотлар, билимлар қўлёзмалар Араб халифалиги таркибида бўлган Андалусияда (ҳозирги Испания) жойлашган кутубхоналарда лотин тилига таржима қилиниб, Европага олиб борилган. Шубҳасиз ушбу қўлёзмалар ҳозирги Европани шу даражага олиб чиқишга катта даражада таъсир кўрсатган.

Яна бир нарсани таъкидлаб ўтишим жоиз. Фикри ожизимча инсонга берилган улкан неъматлардан бири тинчлик-ҳотиржамлик бўлса керак. Кимники қалби хотиржам, фикру ҳаёлларини бирор-бир кўнгилсиз ўй-фикр банд қилмаган экан ишонинг у дунёдаги энг бахтли инсонлардан бири. Чунки инсон кўп ҳолларда жисмоний қийинчиликларга бардош бериши мумкин, лекин ҳасратли ўй-ҳаёллар қаршисида ожиз қолади. Бу дунёда барча инсонлар у бой бўладими камбағалми, тўрт мучаси соғлом инсонми ёки беморми, албатта, ғам-қайғу, турли синовларга гирифтор бўлади. Бундай вақтда инсон ўзини-ўзи еб битиради. Ичидаги ҳасратни ҳаммага ҳам тўка олмайди. Ким дўст, ким душман қаердан ҳам билсин. Ушбу ҳаёлларни миясида қанчалик кўп ушлаб турадиган бўлса шунчалик ҳаёти ҳам ёмон тарафга ўзгара бошлайди. Ота-онаси, фарзандлари, дўстлари билан муомаласи қовушмай, паришонхотир бўлиб қолади. Ушбу ҳолат инсон соғлиғига жуда катта зарар етказиб қўйиши мумкин. Сабаби бошига тушган ўйлов уни нафақат кундузлари балки кечалари ҳам уйқусидан безовта қилиб, қурт дарахтни емиргани каби асаб толаларни емиришни бошлайди. Бундай вақтларда инсон кўзига уйқу ҳам бегона бўлиб қолади. Айнан шундай стресс вақтларида инсон тановул қилаётган овқатига ҳам эътибор бермайди, таом истеъмол қилиш жараёнида ундан завқ олмай, фақат қайғу тўғрисида ўйлайди. Бу эса ўз навбатида ҳозирги кунда инсонлар орасида энг кенг тарқалаётган қандли диабет касаллигини келтириб чиқарувчи асосий сабаблардан бири ҳисобланади.

Бундай қийин, оғир вақтларда энг яхши даволардан бири бу айнан китоб мутолаасидир. Кимнинг бошига бирор ғам-ташвиш тушадиган бўлса, китоб ўқиш билан у қайғуни енгсин. Маълумки, инсон мияси бир вақтнинг ўзида иккита фикрни ушлаб тура олмайди. Сиз безовталикни миянгиздан қувиб чиқаришингиз учун, табиийки, уни бошқа фикр билан банд қилишингиз зарур. Бунда энг яхши ва синалган восита китоб ҳисобланади. Секин-асталик билан, китоб ўқиш асносида Сиз безовталикдан халос бўлиб, елкангизни эзиб турган ғам-қайғудан бир мунча вақтгача чалғишни бошлайсиз. Ана шунда буюк Аллоҳнинг мўъжизаси билан ҳар бир нарсанинг давоси вақт ҳисобланганидек, энг оғир дастлабки кунларни китоб сабабидан енга бошлайсиз. Ким билади балким бошингизга тушган кулфатнинг ечими айнан ўқишни бошлаган китобингиз ичидадир.

Ушбу ишни бошлашингиз билан бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини англаб етасиз. Бу услуб минг йиллардан буён инсонлар орасида шахсий тажрибалар асносида исботлаб келинган. Безовталикдан халос бўлмоқчимисиз унда доимо китоб мутолаа қилинг!!!

Бундан ташқари, китобларни қанчалик кўп ўқийдиган бўлсангиз ўқиш тезлигингиз ҳам шу қадар ошиб боради. Тез ўқиш сатрлардаги маъноларни англамасдан шунчаки сўзларни тезроқ ўқиб олиш эмас, балки маълум бир матнни маъноси билан тушунишдир. Буни ҳаётингизда аллақачон тажрибадан ўтказгансиз. Яъни энди ҳарфни ҳарфга қўшиб ўқишни бошлаган 1-синф пайтларингизда бир матнни ҳижжалаб ўқиб, унга кўп вақт сарфлагансиз. Бироқ йиллар ўтиши билан секин асталик билан ўқиш кўникмангиз ошиб борган. Ҳозирга келиб эса бирор-бир матнни маъноси билан қанчалик тез ўқиб бўлишингиз сизни унчалик ҳам қизиқтирмай қўйган. Лекин шуни аниқлик билан айта оламанки, қобилиятни янада ривожлантириш мумкин. Такрорлаш билимларнинг онаси ҳисобланганидек, сиз ҳозирги ўқиш тезлигингизни янада такомиллаштиришингиз мумкин. Бу эса сизга вақтингизни тежаш ҳамда матнларни миянгизда тезроқ англаш имкониятини беради. Агар меҳнат фаолиятингиз ақлий жараён билан боғлиқ бўладиган бўлса сизни ишонтириб айта оламанки Тез ўқиш кўникмаси сизга жуда кўп асқатади.

Хулосам шуки, юқоридаги фикрлар китобдан олинадиган фойдаларнинг 100 дан бири ҳам эмас. Бу ёзганларим билан ҳозирги китоб ўқишдан чалғитувчи смартфонлар даврида озгина бўлса ҳам инсонларни китоб ўқишга чорлашдир. Ривожланиш, Ренессансга етишишнинг ягона йўли бу илмдир. Илмга эса айнан китоб ўқиш орқали эришиш мумкин. Сиз ўз Ватанингизга садоқатли бўлсангиз, халққа фойдангиз тегишини истасангиз китоб ўқинг.

Агар Сиз ҳам Дунёни бошқарувчи кам сонли инсонлар қаторига кирмоқчи бўлсангиз китоб ўқинг. Бошлаш қийин бўлиши мумкин. Лекин бошласангиз, ўзингиз учун мутлақо янги дунёни кашф этасиз. Ушбу ишни аввалроқ бошламаганлигингизга афсусланасиз. Ҳечдан кўра кеч деганларидек, ушбу оламга қадам қўйишингиз билан у сизга ўз сир-асрорларини оча бошлайди.

©️ Ғаффоров Фазлиддин Ғаффор ўғли

Ваш интернет магазин

asaxiy app image

Ваш книжный интернет магазин

asaxiy app image
Служба поддержки
Выберите тип чата!