«Исломнинг мадори бўлган ҳадислар шарҳи» деб номланган силсиланинг аввалги икки рисоласида «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир» ва «Ҳалол очиқ-ойдиндир» ҳадислари ба қадри имкон шарҳ қилинди. Мазкур икки ҳадиси шариф ҳам ўзида мусулмон банда ҳаётининг жуда кўп соҳаларини қамраб олгани учун уларда фиқҳ, руҳий тарбия ва бошқа соҳаларда сўз юритишга тўғри келди. Жамият ҳаётидаги турли ҳолатларга оид масалалар юзасидан баҳслар олиб борилди. Ушбу рисоламиздан ўрин оладиган ва сиз азизлар билан бирга ўрганмоқчи бўлиб турган ҳадиси шарифлардаги баҳс юритиладиган мавзулар аҳамият жиҳатидан аввалги икки ҳадиси шарифнинг савиясига яқин бўлса ҳам, қамров жиҳатидан ҳар бир ҳадиснинг мавзуси билан чекланади. Мисол учун, ушбу рисоладаги биринчи ҳадис насиҳатга, яъни холисликка бағишланган. Бошқалари ҳам шунга ўхшаш.
Кўпчилик катта имомлар, муҳаддислар ва мужтаҳидлар Исломнинг мадори деб атаган ҳадиси шарифлардан бири қисқача қилиб «Дин насиҳатдир» деб номланади. Мазкур ҳадиси шарифнинг матни қуйидагича:
Тамим Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир», дедилар.
«Ким учун?» дедик.
«Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.