Жаҳон тарихида мустаҳкам из қолдирган шахслар қаторида Амир Темур номи алоҳида эътироф этилади. Улкан Темурийлар салтанати асосчиси Амир Темур ва унинг давлатни бошқариш, мамлакатларни босиб олиш учун олиб борган жанглари ва унинг бутун дунёни эгаллаб олишга бўлган интилиши, бу мақсад йўлидаги хатти-ҳаракати тарихчилар томонидан турлича талқин этилган. Амир Темур шахсига қизиққан зийрак китобхон учун навбатда тақдим этилаётган Сергей Бородиннинг йирик роман-трилогиясида жаҳонгирнинг олиб борган жанглари билан бир қаторда унинг шахси, ички олами ҳақида ҳам сўз боради. Аслида, сизу биз тарих китобларида ўқиганимиз Амир Темур қандай шахс бўлган? Унинг бутун дунёни эгаллаш истаги замирида қандай мақсад яширин, аслида? Нега Амир Темур салтанат ишларини юритишда ҳатто ўз фарзандларини ҳам аямаган? Темурийлар салтанатининг мустаҳкам туришига у қанчалик ишонган? Эътиборингизда ҳавола этилаётган роман-трилогия айнан шу саволларга жавоб беради.