Англиялик таълим маслаҳатчиси Рой Андерсеннинг «Ўқитувчи, ота-она, фарзанд» китобида мактаб таълимига оид қатор муаммолар ва уларнинг ечимига доир амалий тавсиялар берилган. Муаллиф кўп йиллар давомида мактаб таълими моҳиятини чуқур ўрганган ва изланишлар олиб борган мутахассис ҳисобланади.
Муаллиф ушбу китобда «Аслида мактаб қандай даргоҳ?», «Ўқувчилар қай мақсадда мактабга жалб қилинади?», «Таълимдан кўзланган мақсадларга эришилмаслиги сабаблари нималардан иборат?», «Ўқувчилар қандай қилиб фанларни яхшироқ ўзлаштирадилар?», «Ўқувчилар ўтилаётган мавзуларни ҳақиқий ҳаёт билан қай тахлит боғлашлари мумкин, яъни олинган билимларни кейинчалик қачон, қаерда ва қандай қўллайдилар?», «Сунъий интеллект ҳукмронликка ўтаётган дунёда ёшлар ўз ўринларини топишлари нечоғлик муҳимлигини англайдиларми?» каби саволларга жавоб излайди. Ушбу сўроқлар эса ҳар бир миллат, хусусан, ўзбек ота-онаси, ўқитувчиси учун долзарбдир.