Худойберди Тўхтабоевнинг ўқувчиларимизга навбатда ҳавола этилаётган китобини биз умумий ном билан «Қайлардасан, болалигим» дея номладик. Янги туҳфага ёзувчининг сиз севган, шу вақтга қадар қўлдан қўймай ўқиб келаётган қисса ва ҳикоялари, шу жумладан, эртаклар жамланган. Тақдим этилаётган ҳар бир асар Худойберди Тўхтабоевнинг болалик йиллари, болалик орзулари, болалик севинчлари, болалик соғинчлари ҳақида сўзлайди. Бир пайтлар сиз каби бола қалби билан дунёга сиғмаган, орзуларини қаҳрамонлари тимсолида гавдалантирган ва ўз ўқувчисини ҳайратлар уммонига ғарқ қилган адибни бу гал болалигини, туғилган қишлоғини соғинган, юраклари гуп-гуп уриб, ўша манзил томон талпинтирган тенгдошингиз сиймосида кўрасиз.
Китобдан ўрин олган ҳар бир асар қалбингизда шундай илиқлик ва ёруғлик пайдо қилади!