Тиббиётни ўрганиш узоқ муддатли, шу билан биргаликда қизиқарли бир саёҳат кабидир. У инсондан юқори даражали билим ва масъулият талаб этади. Ушбу китоб билим олиш йўлидаги саёҳатингизда сизни олдинга ҳаракатланишингизга ёрдам берувчи материал бўлиб хизмат қилади. Аввалдан маълумки, тиббиёт таълимида қўлланилаётган эски усуллар кишида зерикиш, таъсирланиш каби манфий ҳиссиётларни келтириб чиқаради. Ўқувчилар фақат гаплардан иборат катта китоблардан, охири кўринмайдиган тақдимотлардан фойдаланиш асносида, янги услубдаги ўқув материалларини яратишга эҳтиёж ортиб бораётганини тушунган бўлсалар ажаб эмас.
Эски ўқитиш услублари кўп йиллар давомида қўлланилиб келаётгани, бу услубларнинг қайсидир томонлама самарали эканлигини бутунлай инкор этиб бўлмаслигидан далолат беради. Аммо бу борада етарлича муаммолар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Ушбу муаммолардан келиб чиққан ҳолда биз ўзимизга қуйидаги саволларни бериб кўрдик:
Тиббиёт таълимини янада қизиқарлироқ, завқ берувчи ва ўқувчини зериктирмайдиган даражага келтира оламизми?
Ўқув жараёнларини оғир юк сифатида, қўрқув сифатида эмас, балки барча интиладиган, қатнашишни хоҳлайдиган машғулот "ҳоббй" даражасига етказа оладиган ўқув муҳитини ярата оламизми?
Юқоридаги саволларга жавоб топиш учун биз таълимни ўқувчининг мажбурияти эмас, балки унинг севимли машғулотига айлантиришимиз лозим эди. Айни шу йўлда Медкомикс китоби ёруғ нур ўлароқ, тиббиёт таълимотида чақнаш содир этди десак муболаға бўлмайди.
Профессорлар катта маъруза залларида нутқ сўзлаётган вақтда тингловчиларнинг баъзилари ижтимоий тармоқлар, баъзилари эса ухлаш билан банд бўлишади. Бундай ҳолларда профессорларга тингловчиларни эътиборини ўзига жалб этувчи услублар, материаллар керак бўлади. Профессорлар томонидан бериладиган материалларда визуал иллюстрацияларнинг камлиги уларда ўқувчиларнинг диққатини қаратишда ва уларга кўпроқ маълумотларни етказиб беришда қийинчиликларни юзага келтиради. Қизиқарли томони шундаки, Медкомикс китоби дунёнинг бир қанча мамлакатларида профессорлар томонидан муваффақиятли қўлланиб келинмоқда ва замонавий таълим материаллари қаторидан жой олган.
Ушбу китоб сизнинг таълим олишингизда қўшимча материал сифатида хизмат қилади. Китоб энг кўп учровчи ва эслаб қолиш қийин бўлган касалликлар ҳақида юқори сифатли иллюстратив ва креатив расмлар билан бойитилган.
Медкомикс китобининг вазифаси мултфилм йўналишини тиббиёт соҳасига тарғиб қилиш ва шу орқали таълимни осон, қизиқарли ва завқли жараёнга айлантиришдан иборат. Китобда берилган иллюстрациялар сизнинг илм нарвонидан кўтарилишингизда ва муваффақиятларга эришишингизда бир дастак бўлиб хизмат қилади деган умиддамиз.