Артур Конан Дойлнинг "Йўқотилган дунё", "Заҳарланган минтақа", "Даҳшат водийси" каби асарлари нафақат Европада, балки бутун дунёга машҳур. Ва айни пайтда юртимиз китобсеварларига ҳам яхши таниш.
Бу тўпламда ёзувчининг детектив, илмий фантастика, саргузашт асарларидан саралаб олинган, ҳаётий далилларга бой ҳикоя ва қиссалари жой олган.
Чарлз Баскервилнинг ғаройиб тарзда ўлдирилиши одамларни даҳшатга солади. Ҳамма улкан мулк соҳибининг фосиқ аждодлари айби учун жазо сифатида ботқоқ тубидан чиққан даҳшатли ит ҳақида турли ваҳима гапларни айтишади. Хонаки итлардан мутлақо фарқ қиладиган, салобати ўрмон қора айиғини эслатадиган, бир оиланинг изига тушган Баскервиллар ити инсонлар каби хуфиёна иш тутади. Фақат бугина эмас, машҳур изқуварлар Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг қатор жиноятларни фош қилишдаги бир-биридан қизиқарли саргузаштларини мазкур китобдан билиб олишингиз мумкин.