Даҳолар сиёсий мақсадлар учун яшамайдилар. Шу сабабли Пушкин даҳоси ҳам шовинизм каби иллатдан аллақанча юксакликда макон топади. Даҳолар ўз азалий табиатига кўра инсоний эрк ва миллий озодликка хизмат қиладилар. Пушкиннинг ҳам армони, идеали озодлик эди. У эркинлик ва озодлик куйчисидир.
Пушкиннинг шеърияти ҳар жиҳатдан - шаклан, руҳан ва маънан шарқ шеъриятига яқин. Унинг айрим тўртликлари теранлиги, маъносининг чуқурлиги, фалсафийлиги билан бизнинг рубоийларни эслатиб туради. Унинг шеърияти шарқ руҳи билан чуқур суғорилган десак муболаға бўлмайди.