Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Таниқли шоир Ғулом Мирзонинг “Эй, Ой!” номли “Сайланма” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китоб шеър ихлосмандлари учун ажойиб туҳфа бўлди, дейиш мумкин. Мана, шоир китоб дебочасида қандай ниятлар қилади:
Осмондан ёғса ёмғир,
шифтдан томади чакка.
Кенглик қилганда ғалвир,
юк тушади элакка.
Ғамларга бўкмасин шеър,
ялинаман юракка...
“Сайланма”дан шоирнинг сўнгги йилларда ёзган янги шеърлари салмоқли ўрин эгаллайди. Шунингдек, ундан “Таайюн рақамлари” ва “Ойпараст дил” (2023 йил), “Отамнинг боғи” (2019), “Қалб томчилари” (2010), “Офтобга қайтаман” (2008), “Унитилган ҳур” (1997), “Яхши ҳам сиз борсиз” (1994) каби шеърий тўпламларига кирган шеърлари ҳам жой олган.
Шоирнинг кўп қаватли уй – “дом”даги манзара акс этган “Армон” номли шеъри болалик хотираларини ёдга солади:
Тўққиз қаватли бино,
бўғотли айвони йўқ.
“Қуш инин бузмоқ – гуноҳ”, –
дейдиган кайвони йўқ.
Чуқурлайди қалдирғоя,
қўнмоққа макони йўқ.
“Тухум қўй, полопон оч”,
деяр меҳрибони йўқ.
Гўё баҳор тугамас;
умрнинг поёни йўқ.
Гўё Нуҳ кемаси йўқ,
пашша ва илони йўқ.
Қалдирғоч паноҳ бўлган
олис ул замони йўқ.
Гўё интиқом олган
Худонинг тўфони йўқ..
Чирқиллайди қалдирғоч,
бўғотли айвоним йўқ...
Ғулом Мирзо шеърияти ташбеҳ, мажоз, тимсол ва ўхшатишларга бой. Шоир кўплаб шеърларида ойга мурожжат қилади. Ҳатто олдин чиққан китобларининг бирини ҳам “Ойпараст дил” деб ҳам номлайди.
Шоир учун Ой – рамз, образ. Ғулом Мирзо шоир Салим Ашур таъбири билан айтганда, кейинги йилларнинг ижтимоий муҳитида янги шеърнинг шаклланишига ўз ижоди билан озми-кўпми ҳисса қўшаётган сўз усталаридан.