Жажжи қаҳрамонимиз Аброржон шунақанги тўполончи, унинг устига, компьютер ўйинларига муккасидан кетганки, асти қўяверасиз. Унга қолса, дарсга ҳам бормай, уй юмушларида онасига ёрдам бермай, кун бўйи ўйиндан кўз узмаса, ота-онаси ва ўқитувчилари уни тергамаса.
Буни қарангки, кунларнинг бирида шундай ҳам бўлди: тушидами ёки ўнгида ғаройиб бир мамлакатга бориб қолди. Қувонарлиси, у ерда ҳамма нарса мумкин, аммо уйга қайтишнинг иложи йўқ эди. Қизиқ, Аброржон ўзи орзу қилган бу мамлакатда яшай олармикан? Ҳар қандай нарсанинг мумкинлиги уни хурсанд ва бахтли қила олармикан?