Uzcard

Уолтер Айзексон: Стив Жобс

Модель: Стив Жобс

Наличие: Есть в наличии

Цена: 45 000 Сум
Кол-во:

Машҳур журналист Уолтер Айзексон томонидан бугунги кунда дунёнинг энг йирик компанияси Apple нинг асосчиси Стив Жобснинг ҳаёти ҳақида ёзилган биографик асар илк маротаба ўзбек тилида тақдим этилмоқда.

Асарни тайёрлаш жараёнида Уолтер Айзексон Стив Жобс ҳаётининг сўнгги йилларида у билан бир неча интервьюлар ташкиллаштиради. Шу билан бирга Стивни билган, у билан ишлаган дўстлари ва душманлари билан суҳбатда бўлади. Ушбу суҳбатлар асосида Стив Жобс ҳаёти ҳақида холис ва одил китоб ёзишга ҳаракат қилинади. Муаллиф китобда Стив Жобснинг табиати, унинг муваффақият сирларини очиб беради.

 

www.asaxiy.uz интернет-дўконининг “Asaxiy Books“ лойиҳаси доирасида таржима қилинган Уолтер Айзексоннинг "Стив Жобс" китобига буюртма қабул қилиш (предзаказ) бошланди.
 
Китобга биринчи бўлиб буюртма қилган юз кишига китоб 10-апрель куни, кейинги юзталикка 15-апрель ва 200дан кейинги буюртма қилганларнинг ҳаммасига 20-апрель куни жўнатилади.
 
Буюртма вилоят марказларига "Fargo" хусусий почта хизмати орқали 48 соат ичида, туманларга Ўзбекистон почтаси орқали 7 кун ичида етказиб берилади.
 
Буюртмага олдиндан Payme ёки Click орқали тўлов қилинади.
 
Нархи: 45 000 сўм.
Етказиб бериш нархи: 5000 сўм.
Тўлов учун карта рақами: 8600 1404 7750 3040 (Аллаев Фируз Абдунасимович)
 
Тўлов амалга оширгандан сўнг тўлов ҳақида маълумотни @asaxiybook телеграм аккаунтига жўнатасиз.
 
Телеграм орқали қуйидаги тўлиқ маълумотларни жўнатиш керак:
1. Фамилия, Исм, Отасининг исми
2. Аниқ манзил ва мўлжал (ориентир)
3. Телефон рақами коди билан.
 
Китоб ҳақида тўлиқ маълумот:
Нашриёт: Ниҳол
Таржимон: Дониёров Даврон Дониёрович
Бетлари сони: 625
Муқоваси: қалин
Бош муҳаррир: Н.А. Нурмуҳаммедова
Мусаҳҳиҳ (корректорлар): О. Бекмуродов, М. Ғафуров, Х. Жумаев
Дизайнер: Нуржахон Фармонов
 
Мурожаат учун тел: +998(71) 200-01-05

 

Уолтер Айзексон

Стив Жобс

 

 

Сўзбоши: китобнинг пайдо бўлиш тарихи

 

2004 йил ёз ойининг бошида менга Стив Жобс қўнғироқ қилди. У билан таниш бўлган йиллар давомида бизнинг дўстона муносабатларимиз вақти-вақти билан, айниқса, у янги маҳсулотини чиқарган кезларда авж оларди. У ўз маҳсулоти суратини Time журналининг муқовасига жойлаштиришимни ёки бу ҳақда ўша вақтда мен ишлаган CNN каналида айтиб беришимни хоҳлаб, менга сим қоқарди. Бироқ мен у ерда бошқа ишламаётганим сабабли Стив энди аҳён-аҳёнда пайдо бўларди. Биз янги иш жойим – Аспен институти ҳақида бирмунча гаплашдик ва мен уни Колорадодаги ёзги оромгоҳимизда нутқ сўзлашга таклиф қилдим. Стив тадбирда қатнашишдан хурсанд бўлишини, бироқ нутқ сўзламаслигини айтди. Бунинг ўрнига у бироз сайр қилиб, суҳбатлашишни таклиф қилди.

Бу менга ғалати туюлди. Мен Стив айнан узоқ сайрлар вақтида жиддий суҳбатлар қуришни маъқул кўришини ҳали билмасдим. Кейин маълум бўлишича, у таржимаи ҳолини ёзишимни хоҳлаётган экан. Яқиндагина Бенжамин Франклин ҳақидаги китобим чиққанди ва мен Альберт Эйнштейн ҳақидаги кейинги асар устида ишлаётгандим. Табиийки, мен ҳазиллашиб у ўзини ушбу буюк даҳоларнинг вориси деб биладими деб қизиқдим. Жобснинг фаолияти ҳозир энг қизғин паллада ва уни олдинда ҳали қанча ютуқ ва мағлубиятлар кутиб турибди деб ўйлаб, унинг таклифини рад этдим. Ҳозир эмас, балки ўн-йигирма йилдан кейин, яъни у фаолиятини якунлагандан сўнг бу ҳақда гаплашамиз, деб айтдим.

Биз у билан 1984 йили Time&Life деб номланган кўп қаватли бинода танишганмиз. Ўшанда у ўзининг янги Macintosh’ини реклама қилиш учун таҳрирчилар билан тушликка келганди. Стив одатда чўрткесар эди, у журналистларимиздан бирини ўз мақоласида Жобс айтишни истамаган фактларни тилга олганликда айблади. Бироқ биз қанча кўп мулоқот қилсак, менга унинг ҳаммани ўзига бўйсундирадиган ғайрати шунча кўп ёқа бошлади. Биз Стив билан у Apple’дан ҳайдалганидан кейин ҳам алоқани узмадик. У навбатдаги лойиҳасини – NeXT компьютери бўладими ёки Pixar студиясида суратга олинган фильм бўладими – дунёга кўрсатмоқчи бўлса, мени яна сеҳрлаб қўярди ва Қуйи Манхэттендаги бирор-бир суши-барга таклиф қилиб, бу галги янги маҳсулоти у яратган энг зўр маҳсулот эканини айтарди. Ва бу менга ёқарди.

Жобс Apple тахтини қайтариб олганидан кейин, биз унинг суратини Time муқовасига жойлаштирдик. Тез орада у асрнинг энг муҳим шахслари ҳақидаги бизнинг мақолаларимиз билан боғлиқ бир нечта ғоя берди. Стив ўшанда анча овоза бўлган “Ўзгача фикрла” реклама кампаниясини бошлаганди. Унда биз ҳам ёзган айрим буюк шахсларнинг портретлари келтирилганди. У машҳур шахсларнинг тарихий жараёнларга кўрсатган таъсирини таҳлил қилишга қизиқарди.

Унинг таржимаи ҳолини ёзишни рад этган бўлсам-да, биз вақти-вақти билан қўнғироқлашиб турардик. Бир куни унга ёзган мактубимда Apple’нинг логотипи, қизим айтиб берганидек, Иккинчи жаҳон уруши йилларида немис шифрларини фош этган инглиз криптографи ва информатика кашфиётчиси Алан Тьюринг хотирасига аталганми, деб сўрадим. Компьютер даҳосининг ҳаёти фожиали якун топди. 1954 йили у цианид билан заҳарланган олмани татиб, ўз жонига қасд қилди. Стив эса бу фикр унга ҳам мувофиқ келса, хурсанд бўлишини, аммо хаёлига бундай ғоя келмаганини айтди. Шундай қилиб, ўртамизда Apple’нинг яралиш тарихи ҳақида ўзаро ёзишмалар бошланди. Бир кун келиб Жобснинг таржимаи ҳолига киришсам, материаллар керак бўлади, деб аста-секин маълумот тўплай бошладим. Эйнштейн ҳақидаги китобим чиққанида Стив Пало-Альтода ўтказилган тақдимотга келди, фурсатдан фойдаланиб, мени четга олди ва яна у ҳақида ёзишимни таклиф қилди.

Унинг қатъияти мени ўйга солди. Стив шахсий ҳаётидаги сирларини ҳеч кимга билдиргиси келмаслиги ҳаммага маълум. Бунинг устига у менинг бирорта китобимни ўқиганига ҳеч қачон ишонмаган бўлардим. Балки кейинроқ ёзарман, деб жавоб бердим. Бироқ 2009 йили Жобснинг рафиқаси Лорен Пауэлл менга дангал шундай деди: “Агар Стив ҳақида китоб ёзмоқчи бўлсанг, унда тезроқ бошла”. Жобс ўшанда даволанишнинг иккинчи курсини бошидан ўтказаётганди. Мен Пауэллга “Жобс илк бор китоб ҳақида гапирганида, у касал эканидан хабарим йўқ эди, бунинг учун онт ичишга тайёрман”, деб айтдим. Лорен бу ҳақда деярли ҳеч ким билмасди, деб жавоб берди. Стив операция столига ётишидан олдин менга қўнғироқ қилди, у саратонга чалинганини ҳали ҳам ҳаммадан яширмоқда, деб тушунтирди Лорен.

Ва ўшанда мен унинг таржимаи ҳолини ёзишга қарор қилдим. Жобс мени назорат қилмасликка, ҳатто қўлёзмани кўрсатишимни сўрамасликка ваъда берди ва бу билан мени ҳайрон қолдирди. “Бу сенинг китобинг. Мен уни ҳатто ўқимайман ҳам”, – деди у. Бироқ, чамамда, кузда у китоб ҳақидаги ғоясидан воз кечди. Ўшанда унинг касали зўрая бошлаганини билмагандим. Стив қўнғироқларимга жавоб бермай қўйди ва мен бу лойиҳани кейинга қолдирдим.

Жобс 2009 йилнинг янги йил арафасида кутилмаганда қўнғироқ қилди. У Пало-Альтодаги уйида синглиси – ёзувчи Мона Симпсон билан бирга эди. Аёли болаларни олиб чанғи учишга кетганди, Стив эса соғлиғи туфайли уларга ҳамроҳлик қила олмаганди. Стив файласуфона кайфиятда эди. Биз бир соатдан ортиқ суҳбат қурдик. У ўн икки ёшида рақамли частотомер қуришга аҳд қилганини, маълумотномада HP асосчиси Билл Хьюлеттнинг телефон рақамини топиб, унга қўнғироқ қилганини ва керакли деталларни жўнатишни сўраганини эсга олди. Apple’га қайтганидан кейинги ўн икки йил ҳаётидаги энг сермаҳсул давр бўлганини, кўплаб янги маҳсулотлар яратганини айтди. Бироқ Хьюлетт ва унинг дўсти Дэвид Паккард эришган ютуқни такрорлаш унинг учун муҳимроқ эканини эътироф этди. Улар асос солган компания шу қадар инновацион ва креатив эдики, компания улардан кейин ҳам гуркираб ривожланди.

“Болалигимда гуманитар фанларга қизиқаман деб юрардим, лекин менга ҳар доим электроника ёқарди. Бир вақтлар Polaroid компаниясида ишлайдиган ва мен яхши кўрган инсонлардан бири Эдвин Лэнд масалани гуманитар ва аниқ фанлар ёрдамида ҳал этадиган инсонлар жуда буюк инсонлардир, деб ёзганини ўқигандим. Ва мен айнан шу билан машғул бўлишга аҳд қилдим”, – деб хотирлади Стив. Стив менга китоб учун ғоялар бераётгандек туюлди (ва бу фойдали бўлиб чиқди). Франклин ва Эйнштейн таржимаи ҳоллари устида ишлаётганимда мени кўпроқ гуманитар фанларга бўлган муҳаббатни ва аниқ фанларга бўлган қобилиятни уйғун ҳолга келтирган инсонларда ижодий фаолият қай йўсинда бошлангани қизиқтирар эди. Боз устига, бу XXI асрнинг инновацион иқтисодиётини яратишда муҳим омил бўлишига ишончим комил.

Жобсдан таржимаи ҳолини нима учун айнан мен ёзишимни хоҳлаётганини сўрадим. “Сен одамларни очиқ бўлишга ундай оласан”, – тан олди Стив. Бундай жавобни кутмагандим. Унинг таржимаи ҳолини ёзар эканман, у бир вақтлар ишдан бўшатган, хафа қилган, ташлаб кетган ёки шунчаки жаҳлини чиқарган кўплаб инсонлар билан бирма-бир суҳбат ўтказишимга тўғри келишини билардим ва уларни очиқ суҳбатга чақирсам, бу Стивга унчалик ёқмайди деб қўрқардим. Чиндан ҳам, мен суҳбатлашаётган одамлар ҳақидаги миш-мишлар Жобсга етиб боргач, у асабийлашди. Бироқ бир неча ой ўтиб, унинг ўзи ҳаётида учратган одамларни, ҳатто собиқ маҳбублари ва душманларини мен билан гаплашишга кўндира бошлади. У мени чеклашга уринмади. “Ҳаётимда мен ўзим уяладиган кўплаб номақбул ишларни қилганман. 23 ёшимда мендан ҳомиладор бўлган қизни ташлаб кетганман. Бироқ фош этиш мумкин бўлмаган сирларим йўқ”, – хотирларди Стив.

Охир-оқибат унинг иштирокида қирққа яқин интервью ёзиб олдим. Айрим суҳбатлар унинг Пало-Альтодаги меҳмонхонасида шунчаки расмиятчилик нуқтаи назаридан ўтказилди, айрим интервьюларни эса узоқ давом этган сайрлар, сафарлар ёки телефон орқали суҳбатлар вақтида ёзиб олдим. Мен китоб учун материал тўплаган бир ярим йил давомида биз Стив билан жуда яқин бўлиб қолдик, бир-биримизга очиқ гапирардик, лекин мен унинг Apple’даги эски ҳамкасблари “у ҳақиқатни бузиб кўрсатмоқда” деган гапларига ора-орада дуч келиб турардим. Баъзида у айрим воқеаларни, ҳар кимда бўлгани каби, беихтиёр унутиб қўярди. Гоҳида эса воқеаларнинг бир-бирига зид талқинини айтиб берарди. Унинг ҳикоясини текшириб кўриш ва тўлдириш учун унинг юзлаб дўстлари, қариндошлари, рақиблари, душманлари, ҳамкасбларидан сўраб чиқардим.

Унинг рафиқаси, лойиҳада менга ёрдам берган Лорен ҳам ижодимни чеклашни ёки назорат қилишни истамади, қўлёзмани кўрсатишимни сўрамади. У Стивнинг нафақат зафарли онлари, балки муваффақиятсизликлари ҳақида рўйирост сўзлаб беришимни хоҳларди. Лорен – ҳаётимда учратган энг доно ва мулоҳазали инсонлардан бири. “Унинг таржимаи ҳолидаги баъзи тафсилотлар ва феъл-атворининг айрим жиҳатлари ёқимсизлиги рост, – деди у. – Уларни оқ қилиб кўрсатиш керак эмас. У баъзида ҳақиқатни бузиб кўрсатиши мумкин, бироқ унинг ҳаётини ҳаққоний ҳикоя қилиб бериш лозим, унинг тарихи бунга лойиқ”.

Бунга муваффақ бўлдимми-йўқми, китобхон ҳукм чиқаради. Ишончим комил, бу китобда тилга олинган шахсларнинг кўпчилиги у ёки бу воқеаларни бошқача сўзлаб бериши ёки мени Жобснинг хаёлот оламига тушиб қолди деб ўйлаши мумкин. Жобснинг таржимаи ҳоли Генри Киссинжер ҳақидаги китобга ўхшайди (айтганча, бу китоб қайсидир маънода ушбу лойиҳага яхши тайёргарлик вазифасини ўтаб берди). Одамлар Жобсга шу қадар жўшқин муносабатда бўладики, хоҳ ижобий, хоҳ салбий муносабатда бўлсин, улар кўпинча айни бир воқеани мутлақо ҳар хил қабул қилади. Буни фақат “Расёмон таъсири” билан изоҳлаш мумкин. Мен бир-бирига зид қарашларни имкон қадар яқинлаштиришга уриндим ва ўзим мурожаат қилган манбаларни яширмадим.

Бу китоб ютуқ ва муваффақиятсизликка тўла ҳаёт ҳақида, мукаммалликка интилиши ва жиловланмайдиган куч-ғайрати билан шахсий компьютерлар соҳасида, жумладан, анимация, мусиқа, телефонлар, планшетлар ва электрон китоблар сингари олти соҳада туб бурилиш ясаган ўта кучли шахс ва истеъдодли бизнесмен ҳақида. Бунга еттинчи соҳа – сотувни ҳам қўшиш мумкин. Бу борада Жобс кескин ўзгаришлар содир этибгина қолмай, дўконлар концепциясини қайта англаб етишга замин яратди. Шунингдек, у янги рақамли контент бозорига нафақат веб-сайтлар, балки иловалар орқали ҳам кириш йўлини очди. У инновацион маҳсулот яратиш билан кифояланмади, (иккинчи уринишда бўлса-да) ишончли, рақобатбардош компания яратди, унга ўз ижодий ғайратини сингдирди, ғояларини ҳаётга татбиқ эта оладиган креатив дизайнерлар ва илғор дастур ишлаб чиқувчиларни ёллади.

Бу китоб новаторлик ҳақида. Дунё мамлакатлари рақамли технологияларга асосланган янги иқтисодиёт яратишга уринаётган, Қўшма Штатлар эса бор кучи билан инновациялар соҳасида ўз ўрнини сақлаб қолишга интилаётган даврда Жобс ижодкорлик, топқирлик ва орзу тимсоли бўлди. У XXI асрда муваффақиятга эришиш учун креативлик ва технологияларни бирлаштириш кераклигини биринчилардан бўлиб тушуниб етди. Фараз ва ўйлар техниканинг энг янги ютуқлари билан уйғунлик ҳосил қиладиган компанияга асос солди. Жобс ва унинг Apple’даги ҳамкасблари ўзгача фикрлашга журъат қилди ҳамда фокус-гуруҳлар фикрларини таҳлил қилиш асосида мавжуд товарларни шунчаки такомиллаштириш билан чекланмай, истеъмолчи аввал тахмин ҳам қилмаган маҳсулотлар ва хизматларни яратди.

Жобсни кўнгилдагидек раҳбар ёки тақлид қилиш учун ўрнак бўладиган инсон деб бўлмайди. Фикри хаёли иштиёққа тўлалиги боис у ўзи билан ёнма-ён турганларнинг жаҳлини чиқариши ва уларни хафа қилиб қўйиши мумкин эди. Бироқ унинг барча ихтиролари унинг феъл-атворини, фазилатлари ва камчиликларини акс эттиради, Apple дастурий таъминоти ва бутловчи қисмлари бир-бирига боғлиқ бўлгани каби буларнинг барчаси ҳам ўзаро боғлиқдир. Бу ягона тизимнинг бир қисмидир. Унинг ҳикояси ҳам ибратли, ҳам сабоқ бўлади. Ҳикоясидан инновациялар, унинг табиати, етакчилик хусусиятлари ва ҳаётий қадриятлари ҳақида кўп нарсаларни билиб олиш мумкин.

Шекспирнинг “Генрих V” асари – ёш болалардек қайсар шаҳзода, кейинчалик ўзини босолмайдиган ва шу билан бирга зийрак, қўрс ва кўнгли бўш, журъатсиз, бироқ ўз ортидан одамларни эргаштира оладиган қиролга айланган Хал ҳақидаги ҳикояси қуйидаги чақириқдан бошланади: “О, қанийди илҳом париси осмондаги ёрқин ўй-хаёллар ва тасаввурлар гумбазига кўтарилса!”. Стив Жобснинг тасаввурлар оламига саёҳат қилиши икки жуфт ота-она ва кремнийни олтинга айлантиришни энди ўрганаётган водийдаги болалик ҳақида ҳикоядан бошланади.

Написать отзыв

Примечание: HTML разметка не поддерживается! Используйте обычный текст.

Оценка: Плохо Хорошо

Введите код, указанный на картинке:

Заказ в один клик cancel icon
ФИО:
Телефон:
Ваш адрес:
Тип оплаты: